loader


Соғлом овқатланиш- саломатлик гаровидир!

 

Овқатланиш аҳоли саломатлигини белгиловчи муҳим омиллардан биридир. Тўғри овқатланиш болаларнинг меъёрда ўсиши ва ривожланишини таъминлаб, ўрта ёшли ва кекса кишиларда эса касалликлар профилактикасига,  умр узайишига, иш қобилияти ошишига кўмаклашади ва уларнинг атроф-муҳитга мослашиши учун шароит яратади.

Соғлом овқатланиш- организм ўсиши, меъёрий ривожланиши ва ҳаёт кечириши, саломатликни мустаҳкамловчи ҳамда касалликларга қарши курашиш қобилиятини оширувчи омиллардир, яъни соғлом овқатланиш соғлом турмуш тарзининг асосий тамойилларидан биридир. Соғлом турмуш тарзи кенг тушунча бўлиб, у жисмоний фаоллик, зарарли одатлар (гиёҳвандлик, тамаки чекиш, спиртли ичимликлар истеъмол қилишга йўл қўймаслик) ва рационал овқатланишдемакдир.

“Рационал овқатланиш” деганда кўпчилик мазали, тўйимли, экологик тоза озуқаларни назарда тутади. Бу катта хатодир. Айнан шундай озуқалар кўпгина сурункали касалликлар (семириш, қандли диабет, юрак қон томир ва ошқозон ичак касалликлари, артериал босимнинг ортиши, инсульт)ни вужудга келтириб, меҳнат фаолияти сусайишига олиб келиши мумкин. Яхши кўрган таомларни ортиқча истеъмол қилиш эса оқсиллар, углеводлар, ёғлар ўртасидаги мувозанатни бузилишига ва бунинг оқибатида озуқавий моддаларнинг биологик жиҳатдан тўлиқ бўлган талайгина витаминлар, макро ва микроэлементлар етишмаслигига, сабзавот ва мевалар, сутли маҳсулотлардан етарлича фойдаланмасликка сабаб бўлади.

Овқат бизнинг организмимизни мўтадил даражада ушлаб турувчи манба(ёқилғи)дир, демак, биз бу манбадан саводли ва илмий асосланган ҳолда фойдаланишимиз керак. Айниқса ёшлар учун бу жуда муҳимдир.

Овқатланиш тартиби- овқат қабули маълум давомийликда, маълум сон ва интервалга эга бўлиши керак:

  • Нонушта, тушлик, иккинчи тушлик, кечки овқат.

Тўғри овқатланиш тартиби ўз ичига озиқ овқат моддаларининг, суткалик истеъмол меъёрларини ва одамнинг ёшига, жинсига, тана оғирлигига,  машғулотларнинг турига, индивидуал саломатлик ҳолатига мувофиқ ҳолда суткалик энергия сарфини ишлаб чиқаришни ўз ичига олади.

Соғлом овқатланиш шартлари:

  • Турли хил озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилинг.
  • Кунига бир неча маҳал ҳар хил сабзавот ва мевалар истеъмол қилинг, яхшиси янги узилган маҳаллий сабзавот ва мевалардан (кунига камида 400гр) истеъмол қилинг.
  • Нон (250-300гр) йирик тортилган(қора ёки 2-навли)ун маҳсулотлари(50гр), ёрмалар (50-80гр ва картошка (150-200гр) ҳар куни истемол қилиниши лозим.
  • Ёғ истемол қилишни назорат қилиш зарур. Ҳайвон ёғларини ўсимлик ёғларига (20-25г)алмаштириб боринг.
  • Ёғли гўшт ва улардан тайёрланган маҳсулотларни дуккаклиларга, балиқ, товуқ(100г) ёки ёғсиз гўшт(100г)ларга алмаштиринг.
  • Таркибида ёғ миқдори кам бўлган сут(200мл), қатиқ ёки кефир(200мл), ёғ ва туз миқдори кам бўлган сут маҳсулотлари-творог, йогурт ва пишлоқ(60-80гр) истеъмол қилинг.
  • Таркибида қанд миқдори кам бўлган маҳсулотларни танланг ва қандни камроқ истеъмол қилинг,ширинликлар истеъмолини чегараланг.
  • Тузни кам истеъмол қилинг.Кунлик овқатланиш рационидаги умумий ош тузи миқдори бир чой қошиқ, яъни 5гр дан ошмаслиги лозим.Фақат йодланган ош тузини истеъмол қилинг.
  • Овқатланганда чой ичманг. Чой ўрнига сабзавот ва меваларнинг табиий шарбатлари ёки оддий қайнатилган сув ичишингиз мумкин. Чойни асосий овқатланишлар орасидаги танаффусларда истеъмол қилинг.
  • Чақалоқларни ҳаётининг дастлабки олти ойи мобайнида фақат она сути билан боқишга ҳаракат қилинг. Кейинчалик она сутидан ажратмасдан, аста –секинлик билан қўшимча овқатлар бериш лозим бўлади.

 Таомни тўғри тайёрлаш йўлларини (буғда пишириш, қайнатиш) билиш, овқат пишираётганда тозаликка риоя қилиш, озиқ-овқат хом ашёсини тайёр овқатлардан ажратиб қўйиш, овқатни яхшилаб пишириш, озиқ-овқат маҳсулотларини хавфсиз ҳароратда сақлаш, янги бузилмаган маҳсулотларни харид қилиш - буларнинг бари озиқ-овқат билан боғлиқ касалликлар профилактикасининг асосий тамойилидир.