loader


"ЯГОНА САЛОМАТЛИК - ЯГОНА ДУНЁ" ҲАРАКАТИ ДОИРАСИДА ДАВРА СУҲБАТИ БЎЛИБ ЎТДИ


Пойтахтимиздаги Халқаро бизнес марказида Ўзбекистон Республикаси  Вазирлар маҳкамасининг ҳайвонлар орқали инсонларга юқадиган юқумли касалликларнинг олдини олиш бўйича Миллий дастур ва 5 йиллик стратегик иш режасини ишлаб чиқишга бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ташаббуси билан Америка Қўшма штатларининг касалликлар профилактикаси ва назорат маркази ҳомийлигида ташкил этилди.

Тадбирда бир қатор вазирлик ва идоралар, жумладан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вазирликнинг республика муассасалари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ветеренария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси мутахассислари ҳамда Ўзбекистон республикаси Вазирар маҳкамаси ҳузуридаги санитария-эпидемиология назорати Давлат инспекцияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ҳамда АҚШнинг мамлакатимиздаги дипломатия корпуси вакиллари иштирок этди.

Тадбир республикамизда юқумли касалликларнинг олдини олиш бўйича беш йиллик режани ишлаб чиқишга қаратилган.

Бугунги тадбирдан кўзланган мақсад, мамлакатимизда 2018-2019 йиллар мобайнида ушбу касалликларнинг олдини олиш бўйича стратегик комплекс режа ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу режа мазкур давра суҳбатида яна бир бор қайта кўриб чиқилди. Аҳамият қаратиш зарур бўлган жиҳатлари, камчиликлар юзасидан фикр алмашилди.

Мазкур режа беш йиллик бўлиб, у қайта кўриб чиқилгандан кейин вазирлар маҳкамасида тасдиқланиши керак. Режани ишлаб чиқишда юқорида номи қайд этилган давлат идоралари ва муассасалари мутахассисларни фаол иш олиб боришди.

Ўзбекистонда қишлоқларда уй ҳайвонларига кўпинча болалар қарайди, хотин-қизлар сигирларни соғади. Аксарият ҳолларда касалланган моллар билан мулоқот қилинади. Касалланган ҳайвонларни парвариш қилишда ёки сўйишда, ичак чавоғини тозалашда бундай касалликларнинг юқиш эҳтимоли катта бўлади.

Таъкидлаш жоизки, ҳайвонлардан инсонларга юқадиган қасалликлар муаммоси бутун дунёда долзарб масала бўлиб қолмоқда. Айни пайтда халқаро миқёсда фаолият олиб борадиган "Ягона саломатлик-ягона дунё" шиори остида халқаро ҳаракат мажуд бўлиб, дунё бўйича юқумли касалликларнинг олдини олишга қаратилган ҳаракатларни мувофиқлаштириб боради. Ушбу ҳаракат Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва бошқа бир қанча хақаро ташкилотлар кўмагида дунё мамлакатлари, жумладан Ўзбекистонда ҳам соҳада фаолият олиб бораётган мутахассисларнинг малакасини ошириш учун махсус курслар ташкил қилади, тажриба алмашади, ўз маслаҳатларини бериб боради. 

Анжуманда иштирокчиларга бу борада дунёда юзага келган вазият ҳақида атрофлича маълумот берилди. Мамлакатимиздаги аҳвол, муаммонинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, уларни бартараф қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар, келгуси режалар юзасидан фикр алмашилди.

 

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими