loader


“БУТУН ЖАҲОН ОИТСГА ҚАРШИ КУРАШ” КУНИГА БАҒИШЛАНГАН АНЖУМАН ЎТКАЗИЛДИ


Жорий йилнинг 27 ноябрь куни Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигида 1 декабр “Бутун жаҳон ОИТСга қарши кураш” кунига бағишланган анжуман ўтказилди.

Анжуманда БМТнинг ОИВ/ОИТС бўйича бирлашган дастури – ЮНЭЙДС ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги раҳбари Виней Салдана, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Хелена Фрейзер, БССТнинг Ўзбекистондаги ваколдатхонаси масъул мутахассислари, БМТнинг Гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши кураш қўмитасининг минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ашитта Митал, ЮНИСЕФ, Чегарасиз шифокорлар халқаро ташкилотларининг Ўзбекистондаги ваколатхонасидан масьул мутахассислари, нодавлат ташкилотлар вакиллари, ССВ ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги раҳбари ва масьул етакчи мутахассислари, Республика, Тошкент шаҳри ва вилояти ОИТСга қарши кураш марказлари раҳбарлари ва мутахассислари қатнашдилар.

Анжуманда ОИВ инфекцияси бўйича Республикадаги мавжуд вазият, ОИВ инфекциясининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ва бунда халқаро ва нодавлат ташкилотларининг роли тўғрисида мавзулар муҳокама этилди.

Тадбирда таъкидланганидек, 2013 йилнинг 23 сентябрида “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қабул қилиниши бу борадаги ишларни янада юқори босқичга олиб чиқишда муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Шунингдек, 2018 йилда тасдиқланган 2 та 3493-сонли ва 3800-сонли Президент қарорлари ОИВ диагностикаси соҳасида янги сифат даражасига эришиш, инфекцияни эрта аниқлаш, ўз вақтида профилактика чораларини ва ОИВ инфекцияси билан яшаётган одамларга тиббий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, ОИВ инфекциясига қарши кураш бўйича мамлакатнинг дунё ҳамжамияти олдидаги халқаро мажбуриятларини бажарилишини таъминламоқда.

Шу билан биргаликда, ОИВ инфекциясига қарши кураш ва эпидемияга самарали жавоб бериш давлат ва нодавлат ташкилотлари, жамоатчилик, жумладан фуқаролик жамияти учун долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда ОИВ инфекцияси билан яшовчи шахслар сони 41 мингдан ортиқ, уларнинг 57 фоизини эркаклар ва 43 фоизини аёллар ташкил этмоқда. Республикамиз мутахассислари ЮНЭЙДСнинг қўллаб-қувватлаши натижасида “90-90-90” тамойилига кўра ўз фаолиятларини бошлаб юбордилар.

Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни – барча ҳамкорлар учун миллий ва маҳаллий даражада ОИТС тарқалишига қарши курашда фуқаролик жамиятининг муҳим аҳамиятга эга эканлигини англаш учун яна бир имкониятдир. Фуқаролик жамияти ОИТСнинг турли йўллар орқали тарқалишини олдини олишда ўз ҳиссасини қўшади. ОИТСга қарши курашиш ишларининг диққат марказида айнан одамлар ва уларнинг ҳаёти эканлиги фуқаролик жамиятининг етакчилиги ва тарғиботчилигининг асосли ва долзарблигини таъминлайди. Фуқаролик жамияти ўз навбатида маслаҳатчилар, ОИВ билан касалланган ёки улар билан бирга яшаётган одамлар гуруҳини, шунингдек соҳа маслаҳатчилари, тиббиёт ходимлари ва жамоат фаолларини қамраб олади. Фуқаролик жамиятига ажратилаётган молиявий ёрдамнинг қисқариши ва эътиборнинг сусайиши оқибатида кўрсатилаётган хизматларнинг барқарорлиги ва унинг тарғиботига таҳдид солаётган бир пайтда, Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни фуқаролик жамиятининг аҳамиятини кенг ёритишда муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.

Мазкур анжуманда муҳокама этилган масалалар аҳолининг ОИВ инфекцияси билан касалланишини олдини олиш, касалликни эрта аниқлаш ва унинг кенг тарқалиб кетишига қарши тадбирларни ўз вақтида ташкил этиш, ОИВ инфекцияси билан касалланган шахсларга оид муаммоларни бартараф этиш орқали уларнинг меҳнат қобилиятини сақлаб қолиш, касалликни бошқаларга юқтириш хавфини камайтиришга фуқаролик жамиятларининг ҳисса қўшиш имкониятини оширишга ёрдам беради.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими