loader


Чинозда хақиқатдан хам 4 маротаба вабо касаллиги қайд этилганми ?


 Республика Давлат санитария эпидемиология назорат маркази “Чинозда 4 маротаба вабо касаллиги қайд қилинганлиги” тўғрисидаги ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотга қуйидагича аниқлик киритади:

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра ҳар йили баҳор ва ёз мавсумларида Ўрта Осиё ва Африка мамлакатларида вабо касаллиги қайд этилиб туради, жумладан ўтган 2018 йилда дунёда 331966 та ҳолатда қайд этилган бўлиб, 2018 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон Республикасига вабо касаллиги чет мамлакатлардан кириб келиш ҳолати ва аҳолиси орасида касаллик рўйхатга олинмаган.

Ўзбекистон Республикасида охирги мартта 1993 йилда Сирдарё вилоятининг Ховос туманида ва 1992 йилда Тошкент вилоятининг Чиноз туманида вабо касаллиги одамлар орасида рўйхатга олинган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2012 йилдаги “Ўзбекистон Республикасида вабо касаллиги устидан эпидемиологик назоратни янада такомиллаштириш тўғрисида” 25 - сонли буйруғи асосида вабо касаллигини олдини олиш мақсадида юқумли касалликлар шифохонасига “Ўткир юқумли ичак касалликлар” ташхиси билан мурожаат қилган беморлар эпидемиологик ва клиник кўрсатмаларига асосан эпид. мавсум даврида (май - октябрь ойлари) текширилади. 2018 йилда 3234 нафар ва 2019 йилнинг ўтган даврида 656 нафар фуқаролар вабо касаллигига текширилиб, лаборатор натижаларига кўра касаллик аниқланмаган.

Шунингдек, ташқи мухит объектларида вабо касаллиги қўзғатувчиларини аниқлаш эпид.мавсум даврида очиқ сув хавзалари ва оқава сув хавзаларидан сув намуналари текширилади. 2018 йилда 34130 та ва 2019 йилнинг ўтган даврида 7218 та сув намуналари вабо касаллигига текширилиб, лаборатор натижаларига кўра 2018 йилда 5137 та ва 2019 йилнинг ўтган даврида 807 та НАГ вибрионлари (вабо касаллигини чақирмайдиган вибрион) ажратилган. Жумладан, Чиноз туманида 2018 йилда 84 та намунадан 6 та ва 2019 йилнинг ўтган даврида 42 та намунадан 3 та НАГ вибриони ажратилган.

Республикада одамлар ўртасида вабо касаллигини олдини олиш бўйича профилактик чора-тадбирлар амалга оширилмоқда ва бу тадбирлар назоратга олинган.