loader


ОПВга қарши эмлаш натижалари эълон қилинди


Тошкентда Ўзбекистон Республикаси умумтаълим мактабларида Одам папилломаси вирусига қарши эмлаш жорий этилиши якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
 
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ЖССТ ва БМТ Болалар жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси – ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда вазирлик мутасаддилари, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ҳудудий марказлари масъул ходимлари, мамлакатимиздаги илмий-амалий тиббиёт марказлари, даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари, эпидемиология, акушерлик-гинекология, онкология, паллиатив ёрдам йўналишидаги етакчи мутахассислар иштирок этди.
 
Йиғилиш давомида мамлакатимиз мактабларида Одам папилломаси вирусига қарши эмлашни жорий этиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар якуний натижалари қисқача таҳлил қилинди. Мустақил халқаро ташкилот – Эмлаш ва иммунизация бўйича глобал жамғарма томонидан қўллаб-қувватланадиган ОПВга қарши эмлаш режасини амалга оширилиши, ривожланиш мақсадида бирлашиш йўлида эришилган натижалар, эмлаш жараёнида дуч келинган муаммолардан чиқарилган хулосаларга оид маърузалар тингланди. Музокараларда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги иммунизация бўлими, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси соғлиқни сақлаш ва коммуникация масалалари бўйича экспертлари ва бошқа мутахассислар сўзга чиқди.
 
Дунё тажрибасида Бачадон бўйни саратонининг барча босқичларига нисбатан текширувдан ўтган, ишончли ва самарали тиббий ёрдам стратегияси мавжуд. Булар Одам папилломаси вируси (ОПВ)га қарши эмлаш, саратон олди ҳолатини скрининг қилиш ва даволаш, инвазив саратонни дастлабки босқичларида барвақт аниқлаш ва кечиктирмасдан даволаш ва паллиатив ёрдам кўрсатишдир. 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан бутун мамлакат бўйлаб Бачадон бўйни саратонига қарши комплекс скринингни жорий этишни назарда тутувчи Саратонни назорат ва профилактика қилиш бўйича Миллий режа тасдиқланди. Ушбу режа Бачадон бўйни саратонини даволаш ва паллиатив ёрдам кўрсатишни яхшилаш билан бирга Одам папилломаси вирусига қарши эмлаш, Бачадон бўйни саратони скрининги каби одатий профилактик чора-тадбирларни ўз ичига олади.
 
Миллий тақвимга мувофиқ, мамлакатимизда болалар 12 хил бошқариладиган инфекция қарши давлат ҳисобидан эмланади ва шу орқали барқарор эпидемиологик вазият сақланади. Ўзбекистоннинг Иммунизация миллий дастурига Одам папилломаси вирусига қарши эмлаш киритилди ва эмлашнинг илк босқичи 9 ёшли қизларда жорий йил ноябрь ойида муваффақиятли амалга оширилди.
 
– Тўғрисини айтсам, Одам папилломаси вирусига қарши эмлаш бўйича Ўзбекистоннинг натижалари мени халқаро эксперт сифатида яхши маънода ҳайратга солди, – дейди ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси соғлиқни сақлаш бўлими раҳбари Суфанг Гуо. - Айни йўналишда кўплаб давлатларда фаолият олиб борганман. Ҳозиргача ҳеч бир давлатда эмлаш кўрсаткичи 95 фоиздан ошмаган. Ўзбекистон эса илк бор ўтказганига қарамай, 97 фоиз натижа қайд этди. Бундай юқори кўрсаткичга эришилганининг асосий омили ушбу жараённи амалга оширишда нафақат, ҳукумат томонидан, балки маҳаллий ҳокимиятлар даражасида ҳам кучли сиёсий ирода намойиш этилганида, деб биламан.
 
Мазкур амалиёт Бачадон бўйни саратонининг олдини олишга ёрдам беради. Қизларни режа бўйича эмлаш келажакда 600 ҳолати ўлимга олиб борадиган 1 100 кишини касалликдан асраб қолади. Шу ўринда ушбу вакцина қизлар организмининг репродуктив фаолиятига салбий таъсир этмайдими, деган савол кўпчиликни қизиқтиради. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ОПВга қарши эмлаш нафақат танани бачадон бўйни саратонидан асрайди, балки қизлар саломатлигини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
 
Иштирокчилар мамлакатимиздаги миллий эмлаш дастурлари, онкологик касалликларга қарши кураш, репродуктив ва ўсмир қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш билан боғлиқ бугунги куннинг долзарб масалаларини муҳокама қилишди. Йиғилиш иммунизация, саратон билан курашиш, ушбу йўналишда қабул қилинган миллий дастурларни мувофиқлаштириш, бу борадаги ҳамкорликни фаоллаштиришда ўзига хос платформа бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.
 
Одам папилломаси вирусига қарши эмлашнинг иккинчи босқичини 2020 йил апрель-май ойларида ўтказиш мўлжалланган. Йиғилиш якунида мазкур эмлаш жараёнига пухта тайёргарлик кўриш, бу борада келгуси режаларни аниқ белгилаб олиш зарурлиги таъкидланди. Биринчи босқич давомида юзага келган муаммоларни инобатга олган ҳолда, якуний натижалардан, олинган сабоқлардан тўғри, самарали хулоса чиқариш лозимлиги қайд этилди.