loader


САМАРАЛИ ФАОЛИЯТНИНГ МУНОСИБ ЭЪТИРОФИ


Республика ДСЭНМда, барчамиз учун энг улуғ ва энг азиз булган байрамимиз — Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги муносабати билан анжуман бўлиб ўтди. Унда Республика Давлат санитария-эпидемиология хизматида самарали фидокорона фаолият юритиб келаётган, ижтимоий сиёсий соҳаларда фаоллик кўрсатиб, мамлакат аҳолисининг саломатлигини муҳофаза қилиш, юрт равнақи ва тараққиётига самарали ҳисса қўшаётган, санитария-эпидемиология хизматининг энг наъмунали ҳамда эл-юрт ҳурматига сазовар бўлган Наманган вилояти Уйчи тумани ДСЭНМ бош врачи Нишанов Абдумуталли Отабаевич “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Мукофотни Республика ДСЭНМ Бош врачи Б.И.Алматов топширди.

Айтиш лозимки, мустақиллигимизнинг 28 йиллиги байрами арафасида кўп йиллардан буён фидокорона ва самарали меҳнат қилиб келаётган юртдошларимизнинг бир гуруҳи мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Фармонига биноан Ватанимизнинг юксак мукофотлари — фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланди. Улар қаторида ҳаётимизда ғоят муҳим ўринга эга бўлган соғлиқни сақлаш соҳасида жонбозлик кўрсатиб келаётган 34 нафар ваташдошимиз давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлганини мамнуният билан таъкидлаш жоиз.

“Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишонига сазовор бўлганлар орасида Президентимиз ташаббуси билан “Меҳр” дастури асосида Сурия давлатидан Ўзбекистонлик мигрантларни юртимизга қайтаришда ва уларга тиббий ёрдам кўрсатишда иштирок этган бир гуруҳ соҳа ходимлари ҳам бор. Шунингдек, Ўзбекистон тарихида биринчи бор бу рўйхатда хусусий тиббиёт муассасалари вакилларининг ҳам борлиги аҳамиятга моликдир.