loader


САНИТАРИЯ-ЭПИДЕМИОЛОГИЯ ХИЗМАТИ: ЮТУҚЛАР, МУАММОЛАР ВА ЭРТАНГИ КУН РЕЖАЛАРИ


Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Санитария-эпидемиология назорати йўналишидаги барча давлат идоралари раҳбарияти ва мутасадди ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда 2019 йил 9 сентябрда имзоланган “Ўзбекистон Республикаси санитария-эпидемиология хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони ижроси юзасидан маълумот тақдим этилди.

Матбуот анжумани

Шунингдек, Санитария-эпидемиологик осойишталикни сақлаш, яшаш муҳити хавфсизлигини ва инсон соғлиғини муҳофаза қилишни таъминлаш, санитария-эпидемиология назорати хизмати тизимини такомиллаштириш, ушбу соҳада малакали кадрларни тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.

“Ижтимоий тармоқлар ривожланганлиги муносабати билан Республикада санитария – эпидемиология хизмати сохасига оид жуда кўплаб фикрлар, танқидий мақола ва постлар эълон қилинмоқда, бу нарсалар албатта ушбу хизматнинг вазифалари, амалга оширадиган ишлари ва муаммолари тўғрисида аҳоли ўртасида етарлича маълумот ва ахборот йўқлигидан далолат бермоқда. ”- деб айтиб ўтди Республика Бош давлат санитария врачи Баҳром Алматов. 

Матбуот анжумани

У ўз сўзида давом этиб Соҳа томонидан Республикада амалга оширилган профилактик ва эпидемияга қарши комплекс тадбирлар натижасида йиллар давомида айрим юқумли касалликларнинг кўрсаткичлари сезиларли камайишига эришилганлигини, жумладан, 1991 йилдан - 2018 йилга қадар ич терлама касаллиги 246 маротабага, сальмонеллёз 12, грипп касаллиги 10, юқори нафас йўлларининг ўткир респиратор касалликлари 6, , бактериал дизентерия 5, вирусли гепатитнинг А тури 5, ўткир ичак касалликлари 4 маротабага камайганлигини таъкидлаб ўтди.

2001 йилдан бошлаб вирусли гепатитнинг В турига қарши эмлашнинг жорий қилиниши натижасида республикада 16 ёшгача бўлган болалар ўртасида вирусли гепатитнинг В тури хозирга кунда рўйхатга олинмаяпти.

Албатта, амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда соҳада муаммолар ҳам мавжуд. Бу ўз навбатида аввалги СЭС хизмати олдига қўйилган вазифаларни тўлақонли бажаришида имконият бермаётган эди.

 Муаммоларни ўз вақтида ҳал қилмаслик нафақат аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга, балки санитария-эпидемиология хизмати олдига қўйилган барқарор ривожланиш мақсадларининг аниқ вазифаларини ҳал этишга ҳам таъсир кўрсатади.

Мухтарам юртбошимизнинг ташаббуслари билан соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш билан бир қаторда санитария-эпидемиология хизматига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Сўнгги йилларда санитария-эпидемиологик осойишталикни таминлаш инсонлар соғлиғини муҳофаза қилиш, санитария-эпидемиология хизмати тизимини такомиллаштириш, ушбу соҳада малакали кадрларни тайёрлашга йўналтирилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Хусусан, бешта устувор йўналиш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ва Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясида белгиланган вазифаларга мувофиқ 2019 йил 9 сентябр куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5814-сонли “Ўзбекистон Республикаси санитария-эпидемиология хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра бир бирига боғлиқ бўлмаган санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлашга қаратилган иккита давлат органи шакллантирилди.

Улар:

-          Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва

-          Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигидир.

Матбуот анжумани

Агентлик ва инспекция Давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари негизида ташкил этилади. Улар ўртасида фаолият узвийлиги мавжудлигини эътиборга олган ҳолда, айнан битта бинода жойлашиши назарда тутилган, айниқса лаборатория тахлилларини ўтказиш, унинг натижасида санитария-гигеник, профилактик ҳамда эпидемияга қарши тадбирларни ўз вақтида белгилашда ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Матбуот анжумани

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида санитария-эпидемиология хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5814-сон Фармони қабул қилиниши соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш, асосий йўналишларни белгилаш имконини яратганлиги соҳа мутахассислари томонидан эътироф этилди.

Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.