loader


ЮРТИМИЗГА КИРИБ КЕЛАЁТГАН ҲАР БИР ФУҚОРО ТИББИЙ ТЕКШИРУВДАН ЎТКАЗИЛМОҚДА


“Менинг юртим” телеканали ва ижтимоий тармоқларда тарқалган Ўзбекистонга Хитойдан кириб келган талабалар ҳеч қандай текширувларсиз мамлакатимизга кириб келгани хақидаги хабарлар юзасидан Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги қуйидагиларни маълум қилади.

Тошкент халқаро аэропортининг учиб келиш залида тепловизорлар ўрнатилган бўлиб, улар ёрдамида масофадан йўловчиларнинг тана ҳарорати ўлчанади. Бундан ташқари, тепловизорлар ёрдамида йўловчиларни самолёт бортида ҳам термометриядан ўтказилмоқда.

Агар йўловчида тана ҳарорати юқорилиги аниқланса, санитария карантин пункти ходимлари беморни кўрикдан ўтказиб, тиббий ёрдам кўрсатилади, лаборатория таҳлиллари учун суртма олинади. Зарурат бўлганда эса касалхонага юборилади.

– Агар аэропортда бир вақтнинг ўзида бир қанча самолётлар учиб келиб қўнса, йўловчилар учиб келиш залларида тўпланиш ҳолатлари кузатилади. Табиийки бундай вазиятда йўловчи тепловизорни кўрмай қолган бўлиши мумкин. Лекин барча учиб келган йўловчилар термометриядан ўтказилади, – дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов.

Бундан ташқари, аэропорт санитария карантин пунктига қўшимча инфекционист ва эпидемиолог врачлар жалб этилган. Аэропорт орқали коронавирус инфекциясининг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича қатъий назорат ўрнатилган.

 Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги

Матбуот хизмати.