loader


ВИРУСЛИ ГЕПАТИТГА ҚАРШИ ЭМЛАШ КАСАЛЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШДА ЭНГ САМАРАЛИ ВОСИТА


  Вирусли гепатит “А” касаллиги (ВГА) ҳозирги кунда бутун дунё бўйича кенг тарқалган вирусли гепатит ҳисобланади. ЖССТ маълумотига кўра Дунёда ҳар йили 1,5 миллион одам ушбу касалликка чалинади. Вирусли гепатит “А” тури кенг тарқалган бўлиб унинг салмоғи жами вирусли гепатитлар орасида дунёнинг турли мамлакатларида ўзгариб туради.  Европа ва АҚШ давлатларида вирусли гепатит А касаллигининг салмоғи 10 дан 30% ташкил этади, ривожланиб келаётган Осиё, Африка, Лотин Америкаси каби мамлакатларда 70-80% ташкил этади.

Сўнги йилларда республикамизда ВГА нинг салмоғи жами вирусли гепатитларнинг орасида 95% ташкил этмоқда.

Вирусли гепатит “А” касаллигига ҳар 3-4 йилда даврийлик кўтарилиш хос бўлиб, бу ҳолат асосан ушбу касалликка қарши иммунитетга эга бўлмаган инсонларга боғлиқ. 

ВГА асосан маиший-мулоқот йўли орқали, шу жумладан ифлосланган қўллар орқали юқади. Мактабгача ҳамда мактаб ёшидаги кичик болалар бу хасталикка бошқаларга нисбатан кўпроқ чалинади.

Бугунги кунда вирусли гепатитнинг А турини болалар ўртасида тарқалишини олдини олишнинг энг самарали ва ягона чора-тадбирларидан бири  - профилактик эмлаш ҳисобланади.

Сўнги йилларда вирусли гепатит А турига қарши эмлаш ишлари дунёнинг кўпгина мамлакатларида, жумладан Исроил, Греция, Италия, Қозоғистон ва ҳ.к. мамлакатларда ўтказилади.

Бугунги кунда вирусли гепатит А касаллигидан ҳимояланиш учун юқори самарадорли вакциналар ишлаб чиқилган. Ушбу вакциналар юқори иммуноген таъсирга эга бўлиб касалликни 94-100%  ривожланишини олдини олади.

Вирусли гепатит А турига қарши эмлаш тажрибалари шундан далолат берадики нафақат эмланганлар касалликдан ҳимояланади балки ушбу ҳудудларда вируснинг циркуляцияси камайишига олиб келади.

2014 йилдан бошлаб республика бўйича вирусли гепатит А турига қарши эмлаш ишлари олиб борилади ва аҳолининг ўз маблағлари ҳисобидан ўтказилади. Ўтказилаётган эмлаш ишлари касалланиш кўрсаткичларига таъсир этади. ВГА касалигининг навбатдаги даврий кўтарилиши 2016 йилда қайд этилди ва 2013 йилдаги даврий кўтарилишга нисбатан 20% пасайди.

Эмлаш ишлари фақат лицензияга эга бўлган марказларда ўтказилиши ва эмлашдан аввал хар бир бола врач кўригидан ўтказилиши зарур.

Эмлашда қўлланиладиган барча вакциналар ўз сертификатига эга, транспортировка ва сақлаш шароитларига риоя этилган, бу ўз навбатида иссиқ иқлим шароитида муҳим ахамият касб этади.

РЕСПУБЛИКА ДСЭНМ МАТБУОТ ХИЗМАТИ