loader


БАЙРАМ ДАСТУРХОНЛАРИГА ТОРТИҚ ҚИЛИНАДИГАН ТАОМЛАР СИФАТИ ВА ХАВСИЗЛИГИГА ЭЪТИБОРЛИ БЎЛАЙЛИК…


Айни кунларда халқимиз янги йил байрамини нишонлашга қизғин тараддуд кўрмоқда. Ана шундай байрам ва шодиёналарни оила даврасида тўкин дастурхон атрофида нишонлаш гўзал анъаналаримиздан ҳисобланади. Дастурхондаги озиқ-овқат маҳсулотларини кимдир уйида тайёрласа, кимдир деҳқон бозорларидан, савдо мажмуаларидан, яна кимдир белгиланмаган жойларда савдо қилаётган фуқаролардан сотиб олади. Бу маҳсулотларнинг ҳаммасини ҳам хавфсизлиги кафолотланмаган, уларни сақлаш ва сотиш жараёнида санитария қоида ва меъёрларига риоя этилмаган бўлиши мумкин. Айниқса тез бузилувчи гўшт ва гўшт маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари, кремли қандолот, салатлар, ҳамирли ва бошқа хавфсизлиги кафолотланмаган маҳсулотларни истеъмол қилиниши натижасида овқатдан заҳарланиш ҳолатлари келиб чиқиши мумкин.

Хавфсизлиги ва сифати кафолатланмаган уй шароитида тайёрланган, ботулизм қўзғатувчилари билан зарарланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш  овқатдан заҳарланишларнинг энг оғир тури – ботулизм касаллигини келиб чиқишига сабаб бўлади. Шунингдек, бошқа тез бузилувчи озиқ-овқатлар маҳсулотларини тайёрлаш, сақлаш ва сотиш жараёнида санитария қоида ва меъёрларига риоя этилмаслиги уларни касаллик қўзғатувчи микроорганизмлар билан зарарланишига, истеъмол қилганда эса овқатдан заҳарланишларни келиб чиқишига сабаб бўлади.

Ботулизм ва бошқа бактериялардан заҳарланган одамда касаллик белгилари икки соат ўтиб, ёки саккиз-ўн кун давомида пайдо бўлади, ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, қорин соҳасида оғриқ, ичнинг тез-тез келиши, тана ҳароратини кўтарилиши кузатилади. Ботулизм касаллигида   нафас олиш қийинлашади, жисмлар кўзга иккита бўлиб кўриниши (диплопия), кўз қовоқларини осилиб қолиши  (птоз), ютишни  қийинлашиши ва гапириш қобилияти  пасайиши, бўйин ва оёқ мушаклари заифлашиши каби касалликнинг клиник белгилари намаён бўлади. Ушбу белгилар кузатилганда, зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш зарур, касалликни уй  шароитида ўз билганича даволаш қатъиян ман этилади.

Ҳурматли ҳамюртлар!

Янги йил байрами тадбирларида турли хил ноҳуш ҳолатлар ва кўнгилсизликларни олдини олиш мақсадида, озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олишда жуда ҳам эҳтиёткор бўлишимиз, белгиланмаган жойлардан номаълум шароитда тайёрланган, сифати ва хавфсизлигини кафолотловчи ҳужжатлари бўлмаган, ташқи кўриниши шубҳали бўлган, яроқлилик муддати ўтган маҳсулотларини сотиб олмаслигимиз, айниқса тез бузилувчи озиқ-овқат  маҳсулотларни сақлаш шароитларига  эътиборли бўлишимиз ва уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилмаслигимиз талаб этилади.

Хонадонда паст ҳароратда сақланиши талаб этилган маҳсулотларни совутгичларда сақлаш лозим. Пишган ва хом маҳсулотлар бир жойда сақланиши мумкин эмас, таомлар, салатларни эҳтиёжга қараб тайёрлаш, узоқ сақланиб қолган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилмаслик керак.

Унутманг, ҳар биримиз ўзимиз ва оила аъзоларимиз саломатлиги учун масъулмиз!

 

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими