loader


Иммунопрофилактика и Вакцинация

ИММУНОПРОФИЛАКТИКА СОҲАСИНИ ҲУҚУҚИЙ ТАРТИБГА СОЛИШГА ЭҲТИЁЖ БОРМИ ?

2019 йил 31 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг фуқаролар соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан Республика Давлат санитария эпидемиология назорати марказида “Юқумли касалликлар иммунопрофилактикаси ҳамда унинг ҳуқуқий асослари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Қонунчилик палатаси депутатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги хамда мазкур масалага дахлдор идора ва ташкилотлар раҳбарлари, мутахассислар, эксперт олимлар, журналистлар қатнашган тадбирда кейинги йилларда халқимиз саломатлигини сақлаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилаш, санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш давлатимизнинг энг устувор вазифаларидан бирига айланаётгани қайд этилди. Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан юқумли касалликларни олдини олиш борасида қилинаётган ишлар ўзининг ижобий натижаларини кўрсатаётгани таъкидланди. Буни айни йўналишда қизамиқ, қизилча ва безгак касалликлари буткул бартараф этилгани, бу тўғрисида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сертификати олингани ҳам тасдиқлайди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда аҳолининг санитария- эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган, инсоннинг соғлом муҳитга эга бўлиш ҳуқуқи билан боғлиқ, шунингдек, уларнинг саломатлигига хавф соладиган омилларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, юқумли, вирусли касалликларнинг олдини олиш масалаларини такомиллаштириш мақсадида 2015 йилда “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган эди. Натижада аҳолининг турмуш фаровонлиги яхшиланишига, юқумли ва вирусли касалликларнинг олди олинишига, санитария-эпидемиологик барқарорликни таъмиилаш ҳамда санитария- эпидемиологик хизматнинг вертикал тузилмаси шаклланишига эришилди. Эмлаш ишларини такомиллаштиришга катта аҳамият қаратилиши туфайли охирги йилларда аҳоли ўртасида полиомиелит, бўғма, кўкйўтал, қоқшол, шол, қизамиқ, қизилча каби касалликлар кайд этилмади.

Тадбирда мутахассислар томонидан қатор йиллар давомида республикага полиомиелит касаллигининг четдан кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида оммавий ва тозалов миллий эмлаш ишлари ўтказилиб келинаётгани, бунинг учун мамлакат миқёсида бошқарилувчи инфекцияларга қарши эмлаш ишларини ўтказиш учун соғлиқни сақлаш тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари қошида доимий эмлаш пунктлари, оммавий эмлаш кунларини ўтказиш жараёнида қўшимча вақтинчалик эмлаш пунктларнинг фаолияти йўлга қўйилгани ижобий натижа сифатида эътироф этилди.

Бироқ 2010-2011 йилларда вакциналар билан таъминлашдаги узилишлар сабабли қизамиқ ва эпидемик паратит касалликиларнинг рўйхатга олиниши кузатилган.

Шу боис хам иштирокчилар бугунги кунда иммунопрофилактика соҳасини хуқуқий тартибга солишга қаратилган хужжатларни такомиллаштиришга эҳтиёж мавжудлигини таъкидладилар.

Тадбирда ушбу муаммоларнинг олдини олиш мақсадида "Юқумли касалликлар иммунопрофилактикаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш нима бериш ёки йўқлиги муҳокама килинди. Шунингдек, тадбир иштирокчилари амалдаги қонун хужжатлари нормаларидан, миллий ва халқаро амалиётдан келиб чиққан холда, қонун лойиҳасида иммунопрофилактика тушунчаси, давлатнинг иммунопрофилактика соҳасидаги кафолатлари, молиялаштириш масалалари, фуқароларнинг бу борадаги хуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш хақида фикр алмашилди.

Тадбир давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг фуқаролар соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Нурия Айтжанованинг “Юқумли касалликлар иммунопрофилактикаси ҳамда унинг ҳуқуқий асосини яратиш масалалари тўғрисида”ги маърузаси ҳамда Республика давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачи Баҳром Алматовнинг “Ўзбекистонда юқумли касалликларга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишлар, муаммолар ва уларнинг ечимлари тўғрисида” ги маърузалари тингланди.

Давра суҳбати якунида қўмитанинг юқумли касалликларнинг профилактикаси билан боғлиқ камчилик ва муаммоларни бартараф этиш ҳамда уларнинг хуқуқий асосини яратиш бўйича тегишли қарори қабул қилинди.