loader


Қашқадарё: Коронавирусга қарши кураш, “яшил ҳудуд” мақомини сақлаш йўлида


Мамлакатимизга коронавирус инфекциясининг янги тури кириб келиши ва унинг тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида тезкор чоралар кўрилди. Хусусан, Қашқадарё вилоятида ҳам эпидемиянинг авж олмаслиги учун олиб борилган саъи ҳаракатлар пировард натижасини кўрсатди. Республикада жорий этилган тоифалаш даражасига мувофиқ Қашқадарё биринчилардан бўлиб “яшил ҳудуд”дан жой олди.

Эндиликда барқарор эпидемиологик вазиятни сақлаб қолиш учун Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари зиммасига масъулиятли вазифалар юкланмоқда. Авваломбор, кунлик дизенфекция тадбирларини уюшқоқлик билан давом эттириш, вирусологик таҳлиллар устида янада самарали ишлаш, турли куч тузилмалар билан ҳамкорликда вазифаларни мувофиқлаштириб олишга эътибор қаратиляпти.

Қашқадарё вилоят СЭОМ томонидан дизенфекция ишлари учун тузилган 262 та отряд ўзларига бириктирилган ҳудудларда иш олиб бормоқда. Демак 779 нафар ходим корхона-ташкилотлар меҳмонхона, санаторийлар ва бошқа объектларда кундалик дизенфекция тадбирлари билан банд. Шунингдек, карантин чоралари юмшатилгани боис автомашиналарни вируслардан зарарсизлантириш ишларига кўпроқ аҳамият қаратилмоқда.

Вирусга қарши курашиш самарадорлигида турли куч тузилмалари билан ҳамкорликнинг аҳамияти каттадир. Ушбу йўналишда Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Соғлиқни сақлаш бошқармалари ҳамда Миллий гвардия ходимлари билан ишлар ташкил этилган. 17 та махсус техника ёрдамида бир кунда ўртача 233 минг метр кв. ҳажмига тенг майдонлар гипохлорид калций билан ишлов берилмоқда.

Қашқадарё вилоят СЭОМ, унинг туман ва шаҳар СЭО марказлари ходимлари пандемияга қарши курашишда ўз лавозим мажбуриятларини сидқидилдан адо этаётганликлари билан бирга, юртимиз бўйлаб эълон қилинган “Саҳоват ва кўмак” тадбирларига ихтиёрий ҳисса қўшаётганликларини ҳам таъкидлаш жоиз. Биргина Қамаши туман СЭОМ ходимларининг “Саҳоват ва кўмак” жамғармаси учун 5 млн. сўм, Сардобалик жабрланган оилалар учун 2,4 млн сўм миқдоридаги иш ҳақларини хайрияга ўтказиб берганликларини фахр билан айта оламиз.

Қашқадарё вилоят СЭОМ

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими