loader


Менингит касаллигига бепарво бўлманг!

Менингит касаллигига бепарво бўлманг!
 
Менингит – бош пардаларининг ўткир яллиғланиши билан кечадиган юқумли касалликдир. Менингитлар этиологиясига кўра 2 гуруҳга бўлинади: булар вирусли ва бактериал менингитлардир. Бу гал бактериал этиологияли менингит инфекцияси тўғрисида тўхталамиз.
Менингококк инфекцияси - бурун-халқум шиллиғининг, мия юмшоқ қобиғининг яллиғланиши ва ўзига хос септицемия билан тавсифланувчи, симптомсиз бактерия ташувчиликдан, то назофарингит (бурун-халқум шиллиғининг яллиғланиши), менингит, йирингли менингококкли сепсисгача кенг диапазонли клиник аломатлар билан намоён бўлувчи, антропоноз (фақат одамларда учрайдиган) касалликдир.

Инфекцияси манбаи ва юқиш йўли

Менингококк инфекцияси манбаи бемор ёки бактерия ташувчи киши ҳисобланади, касаллик ҳаво-томчи (аэрозол) йўл билан юқади. Касалликнинг яширин даври, яъни инфекция юқишидан кейин биринчи касаллик белгилари пайдо бўлгунга қадар вақт 2 кундан 10 гача ( ўртача 2-4 кун) давом этади.
Менингококк инфекциясига аҳолининг ҳар хил ёш гуруҳлари ва турли қатламлари касалликга мойилдир.

Касаллик белгилари

Касаллик ўткир бошланади, баъзида назофарингитдан сўнг кузатилиши мумкин. Тана ҳарорати 38-40оСга кўтарилиши кузатилади, бошда оғриғи кучаяди, бемор кетма-кет қусади. Тезликда менингиал белгилар кучайиб боради энса мушак тортилиши (Керник симптоми) кузатилади, яъни боши орқага қайрилиб, бемор бошини тута олмай қолади. Менингиал белгиларни пайдо бўлиши ҳар доим бир хилда кузатилмайди. Кўп ҳолларда баъзан касалликни биринчи кунидан беморлар енгил хушсизликдан, кома ҳолатига тушиши мумкин.

Беморга ёрдам кўрсатиш

Юқорида қайд этилган касаллик белгилари кузатилган менингококк инфекцияси гумон килинган бемор аниқланганда зудлик билан “Тез ёрдам” чақирилади ва зудлик билан юқумли касаллликлар шифохоналарининг ихтисослаштирилган бўлимларига ёткизилади. Беморларда мазкур касаллик белгилари ривожланганда, касалликнинг сабабини билмасдан туриб, хеч қандай дори воситалари қабул қилмаслик лозим. Фақат беморни тез фурсатларда стационарга етказиш чоралари кўрилиши керак. Беморни уйда қолдириш мутлоқо мумкин эмас.

Касаллик ўчоғида амалга ошириладиган тадбирлар
Касаллик ўчоғида қуйидаги тадбирлар амалга оширилиши зарур:
Жамоада, оилада (квартирада) бемор билан мулоқотда бўлган шахсларнинг барчаси тиббий кўрикдан ўтказилади (жамоадаги кўрикда албатта отоларинголог иштирок этиши шарт). Бурун ва халқумида сурункали яллиғланиш бўлган, шунингдек, терисига номаълум «аллергик» тошмалар тошган шахсларга алоҳида эътибор берилиши зарур. Бурун ва халқумида патологик ўзгаришлар бўлган касаллар жамоадан ажратилади (яъни изоляция қилинади), оилада (хонадонда) улар билан мулоқотда бўлган шахслар эса, беморга якуний ташхис қўйилмагунча, болалар жамоалари ва мактабларга қўйилмайдилар.
Касаллик ўчоғида 10 кун (карантин муддати) давомида мулоқотдаги шахсларнинг бурун ва халқумини, тери қопламларини қараб кўришдан ва ҳар кунлик тана ҳароратини ўлчаб боришдан иборат тиббий кузатув йўлга қўйилади.
Мактабгача болалар муассасаларида, болалар уйларида, мактаб-интернатларда, болалар санаторияларида, мактабларда (синфларда) охирги касал изоляция қилинган вақтдан бошлаб 10 кун мобайнида карантин ўрнатилади. Бу вақтда янги ва вақтинча қатнамаган болаларни қабул қилиш, шунингдек, болалар ва ишловчиларни битта гуруҳдан (синфдан) бошқасига ўтказиш таъқиқланади;
Эпидемик ўчоқларда якуний дезинфекция ўтказилмайди. Касалларни ташишда фойдаланилган транспорт ҳам дезинфекция қилинмайди.
Бемор ётган хонанинг ҳавоси тез-тез алмаштирилади.
Даволаш профилактика муассасаларда бемор ётган хона ультрабинафша ва бактерицид лампалар ёрдамида зарарсизлантириб турилади.
Касалликнинг мавсумий ўсиш пайтларида болаларнинг оммавий томошагоҳларда ҳаддан зиёд кўплаб тўпланиши таъқиқланади, кинотеатрларда сеанслар оралиғидаги танаффус вақти узайтирилади.

Касалликнинг оқибатлари ва асорати
Аксарият ҳолларда ҳеч қандай асорат қолмайди. Бироқ даволаш кеч бошланган ҳолатлар ёки менингитнинг оғир турларида турли асоратлар қолиши мумкин. Бундай болаларда сурункали бош оғриқлар, ўта инжиқлик ва жиззакилик, мия ички босимининг сурункали тарзда ошиб бориши, хотира бузилишлари, паришонхотирлик каби асоратлар вужудга келиш ҳавфи бор. Жуда кам ҳолатларда эшитиш пасайиши, тутқаноқ хуружлари ва ақлий ривожланишдан орқада қолиш ривожланади.

Менингит касаллигига чалинмаслик учун нималарга эътибор беришимиз лозим?
Организмнинг иммунобиологик қувватини ошириб бориши, тўғри ва оқсилларга бой овқатланиши ҳамда дам олишни ташкил этишни.
Мавсумга хос кийинишни.
Ҳар қандай бош мия шикастланишларига хос белгиларни сезган захотиёқ зудлик билан шифокорларга мурожаат қилишни. Бу холатларда ўзбошимчалик билан даволанишларга йўл қўймасликни.
Организдаги айниқса юқори нафас йўлларидаги ҳар қандай яллиғланишлар ва сурункали касалликларни ўз вақтида даволатишни.

Доимий шиоримиз
Ўзингиз ва атрофдагилар соғлом бўлишини хохласангиз, назофарингит (бурун-халқум шиллиғининг яллиғланиши) ва менингит касаллигига гумон қилинса, дарҳол шифокорга мурожат қилинг !