loader


ТОШКЕНТ ШАҲРИДА ЗАМОНАВИЙ ВАКЦИНАЛАР САҚЛАШ ОМБОРИ ҚУРИБ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ.


Тошкент шаҳрида ЮНИCЕФ болалар ташкилоти кўмагида Тошкент шаҳар ДСЭНМ учун замонавий вакциналар сақлаш омбори қуриб фойдаланишга топширилди.

Фарзандларимиз соғлом улғайиши учун турли вакциналар билан эмлаш муҳим аҳамият касб этади. Улар турли босқичларда шифокорлар томонидан эмланади. Бунда вакциналарни махсус шароитларда сақлаш долзарб масала ҳисобланади.

ЮНИСЕФ халқаро болалар ташкилоти томонидан Тошкент шаҳар ДСЭНМ ҳудудида шаҳар болалари учун мўлжалланган вакциналарни сақлаш омборхона си очилди.

Унда ЮНИCЕФ вакили Саша Грауман сўзга чиқди ва Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиология назорати марказининг бош врачи Бекзод Одиловга омборхонанинг махсус пештоқини топширди. Тадбирда, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика санитария-эпидемиология хизмати вакиллари, шаҳар Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва санитария-эпидемиология хизмати ходимлари иштирок этди.

 

ЮНИСЕФ бутун Ўзбекистон бўйлаб 20 дан ортиқ паст ҳароратли омборларни қуриш ва реконструкция қилишда Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўмак бермоқда. Мазкур иншоотлар Шарқий Европа ва Марказий Осиёда энг яхши вакциналар омборхоналари бўлади. Фонд Ўзбекистонга мутахассисларни тайёрлаш, омборхонадан фойдаланиш бўйича зарур маълумотлар, вакциналарни ташиш учун автомобиль-совиткичлар ва совиткичли сумкаларни етказиб беришда кўмаклашади.

Эмлаш бу соғлиқни сақлаш соҳасига киритиладиган энг муваффақиятли ва тежамкор сармоялардан биридир. Совуқхоналар вакциналарни 2-8 целсий ҳарорати остида хавфсиз сақлаш учун жиҳозланган. Ушбу ускуна барча даражада вакциналарни самарали бошқаришга ўз ҳиссасини қўшади.

 

Тадбир ниҳоясида йиғилганлар омборхона имконияти ва яратилган шароитлар билан танишди. ЮНИСЕФ ташкилоти вакиллари ходимларни ускуналарни бошқаришда зарур бўлган билим ва қўлланмалар билан таъминлашда ёрдам бериб боришини таъкидлади.