loader


КОНСЕРВАДАГИ ХАВФ


Консерва маҳсулотлари кўпчилик томонидан  севиб тановул қилинади. Аммо барча ҳам бу каби маҳсулотларни қандай тайёрлаш ва сақлаш лозимлиги ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмас. Шу сабабли, баъзида ушбу маҳсулотларни истеъмол қилиш ботулизм касаллигини келтириб чиқаради. Бу эса киши саломатлигига катта хавф солади.

Ботулизм ўзи қандай хасталик?

Ботулизм – қиш ва эрта баҳор фаслларида аҳоли ўртасида уй шароитида тайёрланган, сифати кафолатланмаган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида келиб чиқадиган овқатдан заҳарланиш касаллигидир. Бунга асосан уй шароитида тайёрланган дудланган балиқ, гўшт, маринадланган бодринг, помидор, қалампир, қўзиқорин консервалари, бақлажон икраси, санитария меъёрлари ва сифати белгиланган талабларга жавоб бермайдиган тузламаларни истеъмол қилиш сабаб бўлмоқда. Шунингдек, бу каби маҳсулотлар тўғри тайёрланган бўлса-да, айрим бекажонларимиз ёки сотувчилар уларни белгиланган ҳароратда сақлашга эътибор бермаганликлари оқибатида консервадаги ботулизм споралари тез ривожланади ва заҳарли токсинлар чиқаради.

Хавфли ҳисобланган консерва маҳсулотлари

Ботулизм споралари билан зарарланган консерва маҳсулотларининг ташқи кўриниши, ҳиди ва таъмида деярли ўзгариш кузатилмайди. Бундай маҳсулотни истеъмол қилиб заҳарланган одамда унинг белгилари пайдо бўлиш жараёни икки соатдан саккиз­ўн кунгача чўзилади.

Касалликни нима қўзғатади?

Ботулизмни қўзғатувчи микроб ташқи муҳитда, асосан, тупроқда бўлади. Микроб тупроқ орқали сабзавот, кўкатларнинг ташқи қаватига жойлашади. Ўзи эса ҳимоя қавати (спора) билан ўраб олинган бўлади. Спора микробнинг атроф-муҳитга чидамлилигини таъминлаб беради. Ботулизм таёқчаси спора кўринишида консерваланаётган банкаларга тушади. Кислородсиз жойга тушиб қолган ботулизм таёқчаси учун унинг яшаб, кўпайиб ва ўзидан заҳар ажратишига бу шароит жудаям қўл келади. У ўзининг спорасини, яъни ҳимоя қаватини ечиб, ўзидан заҳар(ботулотоксин) ажратиб чиқара бошлайди. Ботулотоксин консерваланган маҳсулотнинг на рангини, на мазасини ва ташқи кўринишини ўзгартиради. Заҳар фақатгина кислородсиз шароитда ҳосил бўлиб, у асосан иссиқлик ва спирт таъсиридагина зарарсизланади.

Республикамизда ботулизмни А,В,Е турлари учрайди. Унинг споралари чидамли бўлиб, қуритилган ҳолатда ўн йиллаб тирик қолади.

Ботулизм билан хасталанганда...

Ботулотоксин билан зарарланган озиқ-овқат маҳсулотлари инсон организмига тушганидан кейин ошқозон-ичак йўлида сўрилиб, асаб тизимини шикастлаб ишдан чиқаради. Истеъмол қилинган маҳсулотларда қанчалик кўп заҳар бўлса, касалликнинг белгилари шунчалик тез кучини кўрсатади. Ботулизм касаллигининг яширин даври 2-4 соатдан 10-14 кунгача, кўпинча 6-24 соат давом этади. Касаллик кўпгина ҳолларда умумий ҳолсизлик, бош оғриши, бош айланиши, уйқунинг бузилиши, кўнгил айниш, қайт қилиш билан бошланади. Неврологик белгилар пайдо бўлганда ич кетиш қабзият билан алмашади.

Бир неча соатдан кейин ёки биринчи куннинг охирларига бориб, кўз олдида тўр пайдо бўлиши ёки кўзнинг хиралашиши, жисмларнинг ноаниқ кўриниши, кўз олдида қора доғларнинг пайдо бўлиши, нарсаларнинг иккита бўлиб кўриниши, ўқиганда ҳарфларнинг  қўшилиб кетиши беморнинг дастлабки шикоятларидан ҳи­собланади.

Бемор қовоқларининг осилиб тушиши, қорачиқларининг кенгайиши, уларнинг ҳа­ракатсизлиги ва ҳар хил катталикда бўлиши касалликнинг илк аломатларидир. Беморларда юмшоқ танглай зарарланганда товуш ёқимсиз, тил ва томоқ мушаклари фалажланиб, гаплари тушунарсиз бўлиб қолади. Бундай вазиятда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш керак. Акс ҳолда, касалликнинг оғир шакллари – юрак, қон­томир ва ўпка хасталиги юзага келиши, беморнинг ҳаёти бутунлай хавф остида қолиши мумкин.

Республикамизда аҳоли саломатлигини муҳофазалаш юзасидан тизимли чора-тадбирлар олиб борилишига қарамасдан, ҳар йили сифатсиз консерваланган маҳсулотларни истеъмол қилиш ҳолатлари учраяпти. Фуқароларнинг заҳарланишлари билан боғлиқ нохуш вазиятларнинг асосий қисмини ботулизм касаллиги ташкил қилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Мамлакатимизда бу борада санитария­эпидемиология соҳаси мутахассислари тегишли давлат ва жамоат тузилмалари вакиллари билан ҳамкорликда бозорларда, савдо мажмуаларида, белгиланмаган жойларда бундай маҳсулотлар сотилишининг олдини олиш, озиқ­овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мунтазам рейдлар ўтказмоқда.

Профилактика

Ботулизмнинг олдини олиш учун уй шароитида тайёрланган консерваларни, бозорларда, кўча­кўйда ноқонуний савдо билан шуғулланаётган шахслар томонидан сотилаётган, сифати ва хавфсизлиги кафолатланмаган озиқ­овқат маҳсулотларини истеъмол қилмаслик лозим. Яна шуни таъкидлаш жоизки, катта-катта идишларда (бочкаларда) ҳар хил тузламалар тайёрлаш тавсия этилмайди. Чунки катта идишнинг энг пастки қисмларида кислородсиз жойлар бўлиши мумкин. Бу эса тупроқ зарралари билан спора тушиб қолган бўлса, касалликни юзага келтиради.

Озиқ-овқат дўконидан гўшт, балиқ, қўзиқорин ва сабзавот-мева консервалари ҳамда дудланган гўшт ва балиқ маҳсулотларини харид қилишдан олдин, ушбу маҳсулотларнинг гигиеник ҳамда мувофиқлик сертификатлари борлиги тўғрисидаги маълумотга эга бўлишни унутманг. Уларни харид қилишдан олдин, уларнинг сақланиш муддатлари ўтиб кетмаганлигига, идишлари бутунлигига эътибор беринг.