loader


ЕОИИ АЪЗО ДАВЛАТЛАР БОШ ДАВЛАТ САНИТАРИЯ ВРАЧЛАРИНИНГ ВИДЕОКОНФЕРЕНЦИЯ ШАКЛИДАГИ ЙИҒИЛИШИ БЎЛИБ ЎТДИ


Жорий йилнинг 25 май куни Евросиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзо давлатлар аҳолисининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш соҳасидаги раҳбарлар кенгашининг видеоконференция шаклидаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори, Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи - Юсупалиев Баҳодир Қаҳрамонович иштирок этди. Шунингдек, тадбирда Россия Федерацияси, Арманистон Республикаси, Беларус Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси вакиллари иштирок этдилар.

Мажлисни Россия федерациясининг “Роспотребнадзор” ташкилоти раҳбари, Россия Федерацияси Бош давлат санитария врачи - Анна Попова олиб борди.

Учрашув давомида иштирокчилар бугунги кундаги дунёдаги эпидемиологик вазият, Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар томонидан COVID-19 коронавирус инфекциясига қарши олиб борилаётган чора-тадбирлар ва мавжуд чекловларни босқичма-босқич енгиллаштириш учун амалдаги режаларни муҳокама қилдилар.

Иштирокчилар ушбу инфекцияга қарши курашда кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувни мақулладилар.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими