loader


Ғаллаорол туман Санитария-эпидемиологик осойишталик марказидаги ҳолат юзасидан муносабат


2020 йил 11 февраль куни Жиззах телеканалининг “Диёр янгиликлари” ахборот-информацион дастурида Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг фаолияти кескин танқид остига олинган видеолавҳа намойиш этилди.

Видеолавҳада, Ғаллаорол тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази биносининг эски ва ночор ҳолатда эканлиги, ходимларнинг кун тартибига риоя этмаётганликлари ҳамда марказ бактериологик лабораториясида зарур жиҳозлар мавжуд эмаслиги каби камчиликларга тўхталиб ўтилган.

Ушбу видеолавҳада тўхталиб ўтилган масалалар юзасидан Жиззах вилояти Санитария-эпидемиологик сойишталик маркази Жамоатчилик билан алоқалар бўлими шуни маълум қиладики, ҳақиқатдан ҳам Ғаллаорол тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази биноси бугунги кунда Ғаллаорол туманидаги эски бинолардан ҳисобланади, бироқ бу дегани, Ўзбекистон Респубикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вазирлик ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги, қолаверса, Жиззах вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази раҳбарияти Ғаллаорол тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг биноси эски ҳолатда эканлигига бефарқ муносабатда ёндошиб келаётганлиги ҳақида ноўрин хулосага келиш учун асос бўла олмайди.

Бугунги кунда муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг бевосита ташаббуслари билан жамият ҳаётининг ҳар бир соҳасини ислоҳ қилиш борасида асрга татигулик ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Юртбошимизнинг бевосита раҳнамолигида шаҳар ва қишлоқларимизни обод қилиш юзасидан бир қатор Давлат дастурлари ижрога йўналтирилиб, юртимизнинг ҳаттоки энг чекка қишлоқлари инфратузилмасини замон талабларига мос равишда янгилаш, бунёдкорлик ишларини олиб бориш, янги ва замонавий биноларни барпо этиш, шу жумладан, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари биноларини барпо этиш, уларнинг моддий-техника базасини янгилаш, ҳар бир соҳага замонавий технологияларни жалб этган ҳолда қулай меҳнат шароитларини ташкил этиш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ҳудди шундан келиб чиқиб, бугунги кунда Жиззах вилояти Санитария-эпидемиология хизмати тизимида ҳам қурилиш-реконструкция ва бунёдкорлик ишлари босқичма-босқич амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, вилоятнинг Дўстлик ва Мирзачўл туманлари Санитария-эпидемиологик осойишталик марказларининг ҳудди Ғаллаорол тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази каби эски биноси ўрнига замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган янги биноларга кўчиб ўтганлиги бунга яққол мисол бўлади.

Шунингдек, Жиззах вилоятининг Фориш туманида атом-электр станцияси барпо этилиши режалаштирилганлиги муносабати билан санитария-эпидемиология хизмати атом-электр станцияси фаолияти билан узвий боғлиқ бўлганлигини инобатга олиб, жорий йилда Фориш туманида Санитария-эпидемиология хизмати учун замонавий типдаги янги бино барпо этилиши режалаштирилган.

Ғаллаорол тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази маъмурий биноси ҳам келгусида капитал таъмирлаш дастурига киритилган бўлиб, капитал таъмирлаш ишлари билан биргаликда муассаса моддий-техника базасини янгилаш, замонавий технологиялар ва жиҳозлар билан таъминлаш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, видеолавҳада Ғаллаорол тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик марказида штат бирликлари етишмаслиги ва ходимларнинг кун тартибига риоя этиш масаласида ҳам танқидий фикрлар билдирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 09 сентябрь кунги “Ўзбекистон Республикасида санитария-эпидемиология хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5814-сонли Фармонига кўра, жойлардаги Давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари негизида Санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари ташкил этилиши муносабати билан тизимдаги штатлар нормативларига ҳам тегишли тартибда ўзгартиришлар киритилмоқда. Жойлардаги аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда айрим бўлим штатлари қисқартирилаётган бўлса, айрим бўлимларга қўшимча штат бирликлари киритилмоқда, янги иш ўринлари жорий этилмоқда.

Видеолавҳада қайд этилган, иш вақтида айрим ходимларнинг иш жойида топилмаганлиги юзасидан Ғаллаорол тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик марказида хизмат текшируви ўтказилмоқда ва ушбу ҳолатга йўл қўйган мутасаддиларга тегишли тартибда чоралар кўрилади.

Бугунги кунда Ғаллаорол тумани марказида “Обод қишлоқ” Давлат дастурига мувофиқ қурилиш-реконструкция ишлари олиб борилаётганлиги, хусусан тумандаги бошқа бунёдкорлик объектлари билан бир қаторда “Деҳқон бозори”нинг ҳам янгидан барпо этилаётганлиги муносабати билан бозор ҳудудида юқоридаги видеолавҳада қайд этилган ҳолатларга йўл қўйилган. Бироқ, мазкур ҳолатда шунга алоҳида эътибор қаратиш лозимки, қишлоқ хўжалиги ва гўшт маҳсулотларининг сифати ва яроқлилиги юзасидан уларга хулосалар бериш Ғаллаорол туман ветеринария марказининг бозор ҳудудидаги санитария-ветеринария лабораторияси ходимларининг ваколат доирасига киради.

 

Жиззах вилояти СЭОМ

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.