loader


Қорақалпоғистон Республикасида коронавирус инфекциясининг профилактикасига қаратилган чора – тадбирлар


Бугун Дунёнинг деярли барча давлатларида ва Ўзбекистон Респибликаси ҳудудида коронавирус инфекцияси бўйича юзага келган вазият сабабли касалликнинг аҳоли ўртасида кенг тарқалишини олдини олиш бўйича мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари ходимлари томонидан касаллик аниқланган ўчоқда эпидемиологик суриштирув, мулоқотдагиларни аниқлаш, лаборатор текшириш учун намуналар олиш, текшириш, ўчоқни чегаралаш ва дезинфекциялаш тадбирлари амалга оширилмоқда.

Касаллик ўчоғида эпидемиологик суриштириш ва бирламчи эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш учун Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри ва барча туман Санитария-эпидемиологик осойишталик марказларидан (СЭОМ) 73 эпидемиолог врачлар фаолият олиб бормоқда. Касалликка бирламчи лаборатор ташхис қўйиш мақсадида 2 та жойда Қорақалпоғистон Республикаси СЭОМ Вирусология лабораториясида ва Республика Ўлат карантин ва ўта хавфли юқумли касалликлар профилактика маркази Қорақалпоғистон Республикаси филиали лабораториясида 24 соатлик иш тартибида текшириш ишларини олиб бормоқда.

Шунингдек жорий йилнинг 2 май кунидан бошлаб давлат чегараларини кесиб ўтиш жойларида фаолият кўрсатаётган Қўнғирот туманидаги Довут ота божхона пости санитария карантин пункти орқали кириб келаётган автотранспорт ҳайдовчи фуқароларни коронавирус инфекциясига текшириш йўлга қўйилди. Тадбир бошлангандан 14 май кунига қадар 940 нафар автотранспорт ҳайдовчилари коронавирус инфекциясига текширилди.

Ушбу профилактик тадбирни амалга оширишда Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази, санитария-эпидемиологик назорати инспекцияси ҚР бошқармаси, ички ишлар, миллий гвардия, транспорт вазирлиги ходимлари ҳамкорликда фаолият юритмоқда.

Фуқаролардан намуна олиш учун махсус ташкил этилган 4 гуруҳ лаборатория ходимлари туни-кун фаолият юритмоқда.

Автотранспорт ҳайдовчилари лаборатория натижаси чиққунга қадар махсус ташкил қилинган автотуроргоҳларда карантин қоидаларига амал қилган ҳолда кутиб туришлари учун шароит яратилган, бунда ҳайдовчиларнинг ўзаро мулоқотга киришиши қатъий назоратга олинган. Текшириш натижаларини тезкор тартибда автотранспорт хайдовчиларига электрон тарзда етказиш ва ўз йўлини давом эттиришлари учун барча шароитлар яратилган.

Коронавирус инфекцияси бўйича юзага келган вазият фуқаролардан шахсий гигиена, карантин қоидаларга амал қилишини ва маъсул соҳа ходимларидан тизимли профилактик тадбирларни амалга оширишни талаб қилмоқда.

Яъни, коронавирус инфекциясининг юқиш хавфи юқори бўлган жойлар белгиланиб, шу жойларда профилактик тадбирлар кечиктирилмасдан ўтказилмоқда.

Бундан ташқари, дехқон бозорлар, йирик савдо марказларига келувчи фуқароларнинг тана ҳароратини ўлчаш, ушбу касалликнинг асосий белгиларидан тана ҳарорати юқори бўлган ва касалликга гумон қилинган бирламчи эпидемияга қарши тадбирларни ташкил қилиш йўлга қўйилган.

Нукус шахри ва туманлар чегараларида жами 36та блокпостлар ташкил этилган бўлиб, ушбу блокпостларда ҳудудий СЭОМ ходимлари томонидан ҳаракатланувчи автотранспортларни зарарсизлантириш ишлари 24 соат давомида олиб бормоқда.

Ҳудудлардаги жамоат жойларида дезинфекция ишлари ҳар куни эрта тонгда ва кечки пайда олиб борилиб, дезинфекция ишларига жами 403 даволаш профилактика муассасалари, 1147 дорихоналар, 53821 шахсий хонадонлар ва куп қаватли уйлар подъездлари, 5539та кўчалар, 10464 маротаба бозорлар, йирик ва кичик савдо ўринлари, 345 маротаба автокорхоналар, 9064 маротаба бошқа объектлар қамраб олинди.

Дезинфекция ишлари учун 176 СЭОМга ҳодимлари билан бирга 980та жамоатчилик ишларига жалб этилган дезинфекторлар, фавқулодда вазиятлар бошқармаси, миллий гвардия, қуролли кучлар ва бошқа мутасадди ташкилотлардан, жами 1300дан ортиқ ходимлари, махсус техникалар билан фаол иштирок этмоқдалар.

Фуқароларга Дунё ва Ўзбекистон Республикаси миқёсида эпидемик вазият, амалга оширилаётган тадбирлар, касалликнинг олдини олиш бўйича тарғибот ишларида оммавий ахборот воситаларидан мақсадли фойдаланилмоқда, касаллик профилактикасига қаратилган кўрсатувлар ва радиоэшиттиришлар маҳаллий телерадиокомпания ҳодимлари билан бирга онлайн тарзда эфирга ўзатиш йўлга қўйилди.

Республикада коронавирус инфекциясига қарши профилактик тадбирлар давом этмоқда.

 

Қорақалпоғистон Республикаси

Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази

Жамоатчилик билан ишлаш бўлими